Ўсимликларни ғайриқонуний равишда кесганларга жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда
07.
10. 2020
10:30
4804
Новости

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Депутатлар экология ва атроф муҳит, ўсимлик дунёси объектларини, айниқса, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш чораларини кучайтиршни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, сўнгги пайтларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар учраб турипти ва бу жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Боз устига Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги тегишли фармонига кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган драхтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача мораторий жорий этилган.

Қонун лойиҳаси билан эса дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларни ғайриқонуний равишда кесиш, уларни йўқ қилиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки кўчириб ўтказиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартишларга кўра, жавобгарлик чоралари аввалгисига нисбатан икки бараварга оширилмоқда. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мазкур соҳада содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ва маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёси ҳам мусодара қилиниши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, жойларда ўзларига вақтинча ёки доимий равишда фойдаланишга ажратилган ёки бириктирилган майдонлардаги дарахтларни сақлаш ва уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаганлик учун мансабдор шахсларга ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима белгиланмоқда.

Халқ вакилларининг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш орқали бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг камайишига олиб келади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Манба: http://parliament.gov.uz/uz/events/chamber/32114/

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Полезные ресурсы