“Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси: Дарахтлар ўзаро зич бўлмаслиги керак, акс ҳолда кислород ажратиб чиқариш хусусияти сусаяди
23.
05. 2022
08:56
597
News

Инсон организми учун энг қулай муҳит – бу ҳаво ҳароратининг +20 +22 градус, намлигининг 40-60 фоизга тенг бўлиши, шунингдек, атмосфера ҳавосининг ионлар билан бойитилган бўлишидадир.

Урбанизация жараёни атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Автомашиналардан чиқадиган ифлос газлар, саноат корхоналари чиқиндилари ҳаводаги зарарли чанг миқдорларини ошириб юборган. 

Кислородни энг кўп истеъмол қилувчилар ҳам айнан саноат корхоналари ва транспорт воситалари ҳисобланади. Бу воситалар ҳавонинг оптимал таркибини бузади, ундаги ҳароратнинг кескин ошишига сабаб бўлади.

Ҳавони табиий равишда тозалайдиган ягона восита – бу яшил дарахтзорлардир. Фотосинтез жараёнида бир гектар яшил дарахтзор ажратадиган кислород 200 кишининг бемалол нафас олиши учун етарли бўлади. Шунинг билан бирга, ушбу жараёнда ўсимлик ҳар соатда 8 кг. гача углекислота газини ютади. Бошқача қилиб айтганда, шаҳар ҳавосининг оптимал миқдорда сақланиб туриши учун ҳар бир одам бошига 50 кв.метр яшил дарахтзор бўлиши лозим. 

Шу билан бирга, шаҳарлардаги радиацион ҳароратни пасайтиришда яшил дарахтларнинг аҳамияти катта. Ҳаво намлиги ҳам йилнинг қуруқ фаслида, дарахтлар атрофида очиқ жойдагига нисбатан 4-7 фоизга юқори, сернам фаслларда эса анча паст, чунки иссиқлик туфайли баргларда транспирация кучаяди, ҳаводаги намлик кўп бўлганда барглар уни ўзлаштиради. 

Яшил дарахтзорлар ўзлари орқали ўтадиган шамол тезлигини 3 мартага пасайтиради. Шамол кучайгани сари уларнинг пасайиш коэффиценти шунча юқори бўлади. Бу эса, ўша ҳудуддаги чанг-тўзонларнинг атрофга тарқалишининг олдини олади. 

Ўзбекистонда аҳоли яшайдиган манзилларнинг аксариятида ёз ойлари ҳавода чанг миқдори кўп бўлади. Бунда бошқа табиий омиллар билан бир қаторда саноат корхоналарининг кўпайиши, автомобиллар сонининг кескин ошиб бориши ҳам атмосфера ҳавоси таркибидаги зарарли газлар ва чиқиндилар миқдорини меъёрдан анча ошиб кетишига олиб келмоқда. Кўкаламзорлаштириш талаблари тўлиқ бажарилганда, унинг ёрдамида ҳавони чангдан имкон қадар яхши тозалаш мумкин. 

Яшил дарахтзорларнинг ҳавони тозалаш бўйича самарадорлиги уларни муҳандислик коммуникацияларига мос ҳолда ва ўсимликларнинг биоэкологик хусусиятларини эътиборга олиб жойлаштириш билан боғлиқ.  

Санитария мақсадида яшил дарахтзорлар барпо этилаётганда ҳудуднинг шамол режими ва унинг характери, атмосферага ташланаётган чиқиндиларнинг миқдори, ер сатҳидан баландлиги, химиявий ва физикавий таркибини эътиборга олиш лозим. 

Дарахтларни экишда, шох-шаббаси катта, унинг барглари осилиб турадиган (эманнинг барча турлари, қайрағоч, тутлар, катальпа, қатранғилар, қора ёнғоқ, оқ терак, чинор, жийда) дарахт турлари чангларни яхши тутиб қолади ва ютади. Уларда ҳатто зарарли кимёвий бирикмаларни, айниқса углевородордларни ютиш ва қайта ишлаш имконияти мавжуд. 

Қор кам бўлган қишларда ва эрта баҳорда ҳам аҳоли яшайдиган манзилларда чангнинг миқдори юқори бўлади. Япроқлар ўз баргини ташлаган бу пайтда ушбу вазифани нинабарглилар бажаради. 

Яшил дарахтзорлар ўзининг санитария-гигиеник вазифасини тўлиқ бажариши учун етарли катталикдаги массивлар ташкил қилиниши ҳамда ўсимликларнинг атроф-муҳитга бўлган табиий талаблардан келиб чиқиб яратилиши зарур. 

Дарахтларни жойлаштиришда уларнинг экологик ва биологик хусусиятлари: ёруғлик, тупроқ ва намликка талаби, макон ва замонда дарахтларнинг бир-бирига ўзаро таъсири эътиборга олиниши керак. 

Муҳими, дарахтлар ўзаро зич бўлмаслиги, акс ҳолда кислород ажратиб чиқариш хусусияти сусаяди. Ёруғлик етарли бўлгандагина ўсимликда фотосинтез жараёни жадал кечади ва натижада зарарли газларни яхши ютади ҳамда кўп кислород ажратиб чиқаради. Дарахтларни экишда уларнинг орасидаги масофа 5-6 метрдан кам бўлмаслиги лозим. 

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси доирасида бўлиб ўтаётган кўчат экиш тадбириларида фаол қатнашиш, она табиатимизни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит муҳофазаси йўлидаги эзгу ишларда муносиб ҳисса қўшишга масъулият билан ёндашиш давр талабига айланмоқда.  

Азизбек КАЛИМБЕТОВ,  
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни 
муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи. 

ЎзА 

Useful resources